Бугунги глобаллашув жараёни ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига ўз таъсирини кўрсатмоқда, хусусан, ёшлар ҳам бу жараёндан ҳоли емас. Бу бир томондан умумий, табиий жараён. Чунки ҳозирги ахборотлашган жамият муҳитидан талаба-ёшлар ҳам турли омиллар орқали хабардор бўлмоқда. Лекин уларнинг мафкуравий иммунитет даражаси қадриятларга нисбатан турлича бўлиши мумкин. Айрим ёшлар онгида халқнинг миллий-маънавий қадриятларга мос бўлган хатти-ҳаракат, носоғлом ғоялар, қадриятларга мойиллик пайдо бўлишининг олдини олишда маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, суҳбатларнинг тез-тез ўтказилиб туришига эҳтиёж сезилади.
Агарда ёшлар ўз дунёқарашида миллий-маънавий қадриятга таянмаса уларнинг онги ва тафаккурида мутлақо бегона қадриятлар жой олади. Ўзининг миллий-маънавий қадриятларига нисбатан беписандлик билан қараш шаклланади. Ана шу беписандлик шаклланишининг олдини олиш учун энг аввало ёшларимиз онгига бу табаррук заминда не-не буюк зотлар, олиму-уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, Она юртимиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлгани ҳақида, қолаверса, аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тош ёзув битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг буюк маънавий бойлигимиз эканлигини сингдириш шарт ва лозимдир.
Бугунги кунда “Юксак маънавият — енгилмас куч” деган ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиққан ҳолда институт жамоаси маънавий-маърифий соҳада кўпгина ишлар олиб бормоқда
Яқиндагина Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида «Глобаллашув ва оммавий маданиятнинг ёшлар онгига салбий таъсири» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференцияда Ажиниёз номидаги НДПИ Маънавият-маърифат ишлари бўйича проректор Қ. Қодиров, Ўзбекистон Республикаси «Шаҳидлар хотираси жамоат фонди» Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Ш. Бабашев, НДПИ «Камолот» Ё.И.Ҳ Бошланғич ташкилоти етакчиси К.Гулембетов, Ўзбекистон «Миллий тикланиш » демократик партияси ҚР кенгаши бошқарма бошлиғи в.б Е.Бауетдинов, Қоракалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги катта инспектори майор М.Ширазов, «Муҳаммад Ибн Аҳмад Ал-Беруний » номидаги ўрта-махсус таълим маркази ўқтувчиси Ж.Искендеров, Саломатлик ва тиббий статистика институти шифокори А.Турениязова профессор-ўқтувчилар ва талабалар қатнашдилар.
Кун тартибидаги масала бўйича НДПИ Маънавият-маърифат ишлари бўйича проректори Қ.Қодиров кириш сўзи билан очиб бериб, талаба ёшларга айрим ёшлар орасида учраб турадиган маданиятсизлик, кийиниш маданиятининг пастлиги билимсизлик, катта ёшдагиларга, ота-онага ҳурматсизлик каби ачинарли ҳолатларнинг учраб тургани ҳақида гапириб «Оммавий маданиятнинг» ёшлар дунёқарашига, айниқса асрлар давомида шаклланган миллий қадрятларимизга нечоғлик зарар келтираётганини таъкидлаб ўтдилар. Ўзбекистон Республикаси «Шаҳидлар хотираси жамоат фонди» ҚР бўлими бошлиғи сўзга чиқиб ота-боболаримизнинг бизга қолдирган миллий мероси ва бугунги кунда бутун инсониятга хавф солаётган ёвуз ғоялар хусусида кенг тушунчалар бериб ўтди.
Бундан ташқари Ўзбекистон «Миллий тикланиш » демократик партияси ҚР кенгаши бошқарма бошлиғи в.б Е.Бауетдинов «Жаҳолат ботқоғидаги оммавий маданият», ҚР Ички ишлар вазирлиги катта инспектори майор М.Ширазов «Глобаллашув жараёнида ёт иллатлар ва ундан ҳимояланишнинг долзарблиги», «Муҳаммад ибн Аҳмад Ал-Беруний» ўрта-махсус таълим маркази ўқтувчиси Ж.Искендеров «Глобаллашув жараёнида ёшларнинг тиббий саводхонлтгини оширишнинг ўрни ва роли » мавзусидаги маърузалари билан талабаларга ҳозирги кунда «оммавий маданият» деб номланаётган иллатга қарши курашда ёшларнинг ўрни катта эканини таъкидладилар. Шунингдек, Саломатлик ва тиббий статистика институти шифокори А.Турениязова сўзга чиқиб ёшлар орасида алкоголизм, қизларнинг тамаки чекиши, сўзлашув маданиятининг пастлиги каби иллатларнинг пайдо бўлишига қарши тез-тез тушунтириш ишларини олиб бориш кераклигини айтиб ўтди.
Бу каби маънавий-маърифий тадбирлар талабаларга маданий хордиқ берибгина қолмасдан, бўш вақтларини сермазмун ўтказишларига кўмаклашади, уларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари ҳамда маънавий оламининг даҳлсиз бўлишига эришилади. Юртбошимиз ўзининг “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур деган эдилар. Бизнинг институтимизда ҳар томонлама билимли, касбий маҳоратга эга ўз соҳасининг чуқур билимдони, бир сўз билан айтганда юксак маънавиятли шахслар, етук педагоглар тарбияланмоқда. Эртага бизнинг институтимизни битириб чиқадиган ҳар бир талаба ўзларининг касбий фаолияти давомида юртбошимиз орзу қилган юксак маънавиятли шахсларни тарбиялашади дея ишонч билан айта оламиз. Чунки биз талабалар ҳозирданоқ институтимизда маънавият номли мустаҳкам иморатнинг асосли пойдеворини барпо этмоқдамиз.
Тажибоева Латофат Ажиниёз номидаги НДПИ
«Навоий» номидаги Давлат стипендияси соҳиби
«Камолот» аъзоси